Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

24 Октябрь 2026

ДAВЛAТ AКТИВЛAРИ AГЕНТЛИГИ ВA ОТБ ДAВЛAТ ИШТИРОКИДAГИ КОРХОНAЛAРГA НИСБAТAН “ТЎЛОВГA ҚОБИЛИЙAТСИЗЛИК ТЎҒРИСИДA”ГИ ҚОНУННИ ҚЎЛЛAШ МAСAЛAЛAРИНИ КЎРИБ ЧИҚДИ

Ўзбекистон Республикаси Давлат активлари агентлигида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунини қўллаш масалалари, шунингдек, уларнинг молиявий ҳолатини бошқариш самарадорлигини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Учрашувда ОТБ бош юридик маслаҳатчиси Ҳанна Ж. Лим ва эксперти Жон Мартин иштирок этди.

Учрашув давомида томонлар давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликни қўллашнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилдилар. Хусусан, молиявий қийинчиликларни ўз вақтида аниқлаш, қарздорликни тартибга солиш ҳамда кредиторлар билан ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришда мазкур қонунчиликнинг ўрни кўриб чиқилди.

Шунингдек, корхоналарнинг молиявий муаммоларини таҳлил қилиш жараёнларини жадаллаштириш, уларни молиявий соғломлаштириш ва реструктуризация қилиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, тўлов қобилиятини тиклаш қийин бўлган ҳолларда ўз вақтида қарорлар қабул қилиш учун қонунда назарда тутилган тартиб-таомиллардан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тегишли ҳуқуқий механизмларни изчил қўллаш молиявий интизомни мустаҳкамлаш, давлат активларидан оқилона фойдаланиш ҳамда кредиторларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашув якунида томонлар тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш самарадорлигини оширишга қаратилган ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.

3 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech