"ICTWEEK Uzbekistan – 2025" ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталигининг учинчи куни CAEx кўргазма марказида "Рақамлаштириш — трансформация драйвери: ғоялардан ақлли ечимларга" форуми ўтказилди.
Форумда давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлар, халқаро экспертлар, йирик корпорациялар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Улар рақамлаштиришнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни, эришилган натижалар ва янги авлод технологиялари асосида келажакка қадам қўйиш хусусида фикр алмашдилар.
Форум якунида, 15 та номинация бўйича давлат ҳокимияти, бошқаруви органлари ҳамда нодавлат ташкилотларга республикамизда рақамлаштиришга ҳисса қўшганлиги учун тақдирландилар.
Давлат активларини бошқариш агентлиги — "Давлат мулкини бошқаришда рақамлаштириш орқали шаффофлик ва самарадорликни таъминлаган ташкилот" номинациясида ғолиб деб топилди.
Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида янги имкониятлар яратилди. Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz (кейинги ўринларда — Портал) орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш имкониятлари янада кенгайди.
Бугунги кунда Порталнинг бош саҳифасидаги Соҳалар бўлимида “Давлат активлари” соҳаси ишга туширилган бўлиб, бу хизмат ўз навбатида фуқаролар ва юридик шахсларга Давлат активлари агентлиги томонидан крсатилаётган 18 та хизматлардан осон ва қулай фойдаланиш имкониятини яратади.
2025 йил 1 ярим йиллик якуни бўйича Рақамли трансформация ҳолатини рейтинг баҳолаш жараёнида 44 та давлат органи, 33 та хўжалик органи ва 14 та маҳаллий ҳокимликлар: жами 91 та давлат ташкилотлари қамраб олинган рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, Давлат активлари агентлиги Очиқлик ва электрон иштирок индексида 22 балл, Электрон давлат хизматлари индексида 19,1 балл, Ахборот хавфсизлиги индексида 19 балл, Фаолиятни рақамлаштирилганлик индексида 23,8 балл ҳамда Ташкилий қисм индексида 13,6 балл, жами 100 баллдан 95,5 балл натижа билан давлат органлари ўртасида 2-ўринни эгаллади.
Хусусан, 2025 йилнинг 1 ярим йиллигида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тизим фаолиятида давлат хизматларини рақамлаштириш, очиқлик, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида қуйидаги ишлар амалга оширилди:
- Давлат активлари агентлиги томонидан анъанавий кўрсатиладиган жами 18 та давлат хизматлари тўлиқ рақамлаштирилиб, Ягона интерактив давлат хизматлари (my.gov.uz) портали ва Давлат хизматлари марказлари орқали хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилди.
- Жорий йилда Давлат мулки объектлари ҳисоботи (“property.davaktiv.uz”) ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
- Давлат активларининг расмий “Davaktiv” мобил иловаси iOS вa Android тизимлари учун ишлаб чиқилиб, "App Store" вa "Google Play" платформаларига жойлаштирилди.
App Store: https://play.google.com/store/apps/details?id=com.davaktivmi&hl=uz
Google Play: https://apps.apple.com/us/app/davaktiv/id6740553761
- Давлат активлари агентлигининг "Davlat mulki" ахборот тизими «Электрон ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали 5 тa вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинди.
- Ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича Давлат активлари агентлигининг 2 та ахборот тизимлари ахборот ва киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги бўйича экспертизадан ўтказилди.
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги 54-сон қарорига мувофиқ, Давлат активлари агентлигининг расмий веб-сайти "Ягона дарча" тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати порталига тўлиқ ўтказилди (www.gov.uz/davaktiv).
- "E-AUKSION" электрон савдо платформаси орқали сотилган мулкларни шартномаларини расмийлаштириш жараёни тўлиқ рақамлаштирилиб, электрон рақамли имзо (QR kod) билан шартномаларни тасдиқлаш имконият яратилди.
- Ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш бошқармаси ходимлари соҳа бўйича малакалари оширилиб, маҳаллий ҳамда халқаро IT сертификатларига эга бўлди.
Шунингдек, Давлат акативлари агентлиги томонидан “Yerxususiylashtirish” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилган бўлиб, бу тизим орқали фуқаролар ва ташкилотлар ўз ноқишлоқ ер участкаларини масофадан туриб хусусийлаштириб олиши учун my.gov.uz ёки Давлат хизматлари марказлари орқали аризани топшириш ҳамда барча ҳужжатларни QR код билан онлайн олиши мумкин. Жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилган ва инсон омили чекланган.
Бундан буён ҳам, Давлат активлари агентлиги томонидан аҳоли ва тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида, янги хизматлар рақамлаштирилиб, Ягона интерактив давлат хизматлари (my.gov.uz) порталига жорий этилиб, мавжуд ахборот тизимлар ва маълумотлар базалари такомиллаштирилиб борилади.

