2026-йил 2-ноябрь куни Давлат активларини бошқариш агентлигида “Ижро интизомини самарали ташкил этиш, “Ijro.gov.uz” электрон тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Семинарни Агентлик директорининг ўринбосари А. Миралиев очиб бериб, ўз сўзида ижро интизомини мустаҳкамлаш, топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, шунингдек, масъул ходимларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбирда Агентликнинг таркибий бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда “UNICON-SOFT” МЧЖ мутахассислари иштирок этди.
Семинар давомида Агентликда ижро интизомининг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, жорий йилнинг ўтган даврида 680 та топшириқ назоратдан ечилгани, йил якунига қадар эса яна 463 та топшириқ ижросини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, “Ijro.gov.uz” электрон тизимида маълумотларни ўз вақтида ва тўғри киритиш, ижрони тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиш, топшириқлар ижросини назорат қилиш ҳамда тизим имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарнинг амалий қисмида Адлия вазирлиги ва “UNICON-SOFT” МЧЖ мутахассислари томонидан электрон тизим билан ишлаш тартиби, унинг имкониятлари ва мавжуд функциялардан фойдаланиш бўйича батафсил тушунтиришлар ва амалий кўрсатмалар берилди. Иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.
Мазкур семинар Агентлик тизимида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш, электрон тизим билан ишлаш сифатини ошириш ҳамда топшириқлар ижросида натижадорликни таъминлашга хизмат қилади.

