Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

17 Ноябрь 2026

ДЕҲҚОН БОЗОРЛАРИНИ МОДЕРНИЗАТСИЯ ҚИЛИШ: МАҚСАДЛАР, ШАРТ-ШАРОИТЛАР ВА ХУСУСИЙЛАШТИРИШ БЎЙИЧА РЕЖАЛАР

Деҳқон бозорларини ривожлантириш ва модернизатсия қилиш масаласи кўплаб фуқаролар учун ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан ижтимоий тармоқларда бозорларнинг келгуси фаолияти истиқболлари, хусусийлаштириш шартлари ҳамда аҳоли учун анъанавий ҳисобланган савдо инфратузилмасидаги ўзгаришлар юзасидан мунтазам равишда саволлар ва турли тахминлар билдирилмоқда. Ахборотнинг очиқлигини таъминлаш мақсадида Давлат активлари агентлиги амалга оширилаётган ўзгаришларнинг асосий мақсадлари, тамойиллари ва ўзига хос жиҳатлари юзасидан батафсил маълумот беради.

Деҳқон бозорларини бошқариш соҳасига хусусий секторни жалб қилиш ва давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш, энг аввало, уларнинг инфратузилмасини янгилаш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, санитария-гигиена шароитларини яхшилаш, шунингдек, замонавий қулайлик ва хавфсизлик стандартларини таъминлашга қаратилган. Бу йўналишда харидорлар, шунингдек, тадбиркорлар, фермерлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун қулай муҳит яратиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Бунда ислоҳотнинг бош тамойили деҳқон бозорларининг асосий вазифасини сақлаб қолишдан иборат. Гап уларни ёпиш, фаолият йўналишини ўзгартириш ёки уларнинг ўрнида анъанавий савдо фаолиятига алоқаси бўлмаган объектларни қуриш ҳақида бормаяпти. Аҳоли учун одатий бўлган савдо майдонлари ўз фаолиятини давом эттиради ҳамда фуқароларни янги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж моллари билан таъминлашдаги ўз ўрнини сақлаб қолади.

Аксинча, хусусий инвеститсияларни жалб қилиш бозорларни ривожлантиришга қўшимча туртки беришга қаратилган. Хусусан, ободонлаштирилган ҳудуд, сотувчилар ва харидорлар учун қулай шарт-шароитлар, тегишли санитария инфратузилмаси, автотураргоҳлар, хавфсизлик тизимлари ҳамда зарур коммунал қулайликларга эга замонавий савдо масканларини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Бунда “Экобозор” ва “Food City” сингари замонавий савдо мажмуалари тажрибасини намуна сифатида кўриб чиқиш мумкин. Ушбу мажмуалар тажрибаси анъанавий савдо-сотиқни савдо маконини ташкил этишнинг замонавий стандартлари билан уйғунлаштириш имкони борлигини кўрсатади.

Аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, савдо хизматларидан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Модернизатсия жараёни фуқаролар учун қўшимча ноқулайликлар келтириб чиқармаслиги ёки маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ва савдогарларнинг ўз маҳсулотларини сотиш имкониятларини асоссиз равишда чеклашга олиб келмаслиги лозим.

Хусусийлаштириш жараёни босқичма-босқич, ҳар бир бозорнинг ўзига хос томонларини инобатга олган ҳолда, манзилли амалга оширилади. Бу жараён давлат мулки объектларини оммавий сотишни назарда тутмайди. Қарорлар қабул қилинишидан олдин объектларнинг ҳолати, иқтисодий салоҳияти, ижтимоий аҳамияти ва келгусидаги ривожланиш истиқболлари, шунингдек, акциядорлар (иштирокчилар) ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик талаблари ҳамда бозорларнинг таъсис ҳужжатлари ҳар томонлама ўрганилади.

Жамоатчилик фикрини инобатга олиш ҳам муҳим шартлардан бири ҳисобланади. Ҳар бир объектни реализатсия қилишдан олдин манфаатдор томонлар, жумладан, маҳаллий аҳоли, тадбиркорлар ва бозорнинг бошқа иштирокчилари фикр-мулоҳазаларини ўрганиш назарда тутилган. Бундай ёндашув иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлиши билан бир қаторда, жамоатчилик манфаатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда асосли қарорлар қабул қилиш имконини беради.

Хулоса қилиб айтганда, деҳқон бозорларини хусусийлаштириш фақат мулкчилик шаклини ўзгартириш жараёни сифатида эмас, балки инвеститсияларни жалб қилиш, бошқарув самарадорлигини ошириш ва савдо инфратузилмасини комплекс янгилаш воситаси сифатида қаралмоқда. Амалга оширилаётган ўзгаришларнинг асосий мақсади фуқаролар учун деҳқон бозорлари вазифасини сақлаб қолиш билан бир қаторда, уларни замонавий талаблар асосида ривожлантириш, савдо учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва замонавий стандартларга мувофиқлаштиришдан иборат.

 

Давлат активлари агентлиги

Матбуот хизмати 

7 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech