Киберхавфсизлик маркази томонидан жорий йилнинг 6-7 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида “CSS-2026 Марказий Евроосиё Киберхавфсизлик саммити” ва “Cyberkent 4.0” мусобақаси ташкиллаштирилди. Саммитда Давлат активлари агентлиги ва унинг тизим ташкилотлари мутахассислари соҳавий CERT/CSIRT хизматлар, муҳим ахборот инфратузилма объектлари вакиллари билан киберхавфсизликни таъминлаш борасидаги амалий тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Саммит якунида, 10 та номинация бўйича давлат ҳокимияти бошқаруви органлари киберхавфсизликни таъминлаш борасида ҳисса қўшганлиги учун тақдирландилар. Давлат активлари агентлиги — “Тизимларни комплекс экспертизадан ўтказишда фаол бўлган давлат бошқарув органи” номинациясида эътироф этилди. Ўз навбатида, Давлат активлари агентлиги томонидан “Ахборот хавфсизлиги сиёсати” ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган. Ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий қилинган барча ахборот тизимлари Киберхавфсизлик тўғрисидаги қонуни талабларига мувофиқ Киберхавфсизлик марказидан комплекс экспертизадан ўтказилган. Шунингдек, қурилмаларни киберҳужумлардан сақлаш ва ҳимоялашда лицензияланган дастурий таъминотларидан фойдаланилиб келинмоқда.
Ҳар йили Киберхавфсизлик маркази билан ҳамкорликда Давлат активлари агентлиги ходимлари учун ахборот хавфсизлиги ва кибер гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ киберхавфсизлик таҳдидларининг олдини олиш мавзуларида саводхонлиги доимий оширилиб борилмоқда.

