“Fitch Ratings” агентлиги томонидан 2025 йил 26 июнда эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги “BB-” дан “BB” даражасига оширилди ва барқарор даражада тасдиқланди.
Мазкур рейтингнинг оширилиши мамлакатимиздаги олиб борилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, жумладан макроиқтисодий барқарорлик, бюджeт интизомини мустаҳкамлаш, давлат корхоналарини бошқаруви соҳасидаги ислоҳотлар ва хусусийлаштириш борасида эришилаётган натижаларни эътироф этади.
Хусусан, “Fitch Ratings” ҳисоботида қуйидагилар таъкидланган:
- Давлат секторидаги ислоҳотлар
“Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш янги босқичга олиб чиқилди, улар сони янада қисқартирилди, шунингдек 2024 йил 24 августда давлат иштирокидаги 18 та корхона устав фондидаги давлат улуши Миллий инвестиция фондига ўтказилди.”
- Корпоратив бошқарувни мустаҳкамлаш
“йирик корхоналарнинг молиявий мустақиллигини ошириш ва уларнинг корпоратив бошқарувини такомиллаштириш мақсадида, ўтган йилда уларнинг айримлари қайта ташкил этилди ҳамда таркибий ўзгаришлар амалга оширилди.”
Халқаро “Fitch” агентлиги томонидан берилган баҳолар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарликларида иқтисодиётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган изчил ва самарали ислоҳотлар, жумладан хусусийлаштириш ва давлат активларини бошқариш соҳасидаги ўзгаришлар самарадорлигига халқаро ишончни тобора мустаҳкамлаб бораётганини намоён этмоқда.
Маълумот учун: 2021–2024 йиллар ва 2025 йилнинг ўтган даврида 7 781 та давлат иштирокидаги корхоналар активлари (7 175 та кўчмас мулк ва 606 та улуш/акция) 45,5 трлн сўмга сотилган. 2025 йил учун тасдиқланган хусусийлаштириш дастурларига (ПФ-70, ПҚ-145) асосан, 115 та хўжалик жамиятларидаги давлат улуши, 659 та кўчмас мулк хусусийлаштириш ва 29 та йирик корхоналар халқаро бозорларда сотилиши, шунингдек, 12 та йирик корхона акциялари IPO ва SPO орқали фонд бозорларига чиқарилиши режалаштирилган.