Ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти хусусийлаштирилгани ва компания томонидан 100 миллиард сўм миқдорида қарз олингани ҳақида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Жамият устав капиталидаги давлат ташкилотлари, корхоналар ва тижорат банкларига тегишли акциялар пакети, яъни 92,9 фоиз давлат улуши Давлат активлари агентлигига тўлиқ ўтказилган. “WILDBERRIES” ва “UZUM MARKET” каби йирик компаниялар томонидан ушбу улушни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдирилган, лекин бугунги кунда давлат улушини хусусийлаштириш бўйича ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирилмаган.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти ҳозирда мураккаб молиявий ва трансформация босқичини бошдан кечирмоқда. Сўнгги уч йилда соф фойда ўртача 800 миллион сўм, рентабеллик даражаси эса 0,2 фоизни ташкил этган. 2026 йилнинг 6 ойлик якунлари бўйича тушум 313,6 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17 фоизга камайган.
Бундан ташқари, асосий даромад манбаларидан бири бўлган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги қарорларни почта орқали етказиб бериш хизмати жорий йилнинг 16 май кунидан тўхтатилган. Ушбу хизмат тўхташи оқибатида 9 ой якунлари бўйича 1,7 миллиард сўм миқдорида зарар кўрилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, банк қарздорлиги 45,3 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Бугунги кунда электрон тижорат (E-commerce) бозорининг шиддатли ривожланиши почта инфратузилмасини тубдан модернизация қилишни талаб этмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, модернизация ва рақамлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш учун 300,0 миллиард сўмдан ортиқ маблағ зарур. Ушбу маблағ доирасида юк автотранспорти ва электр транспорт воситасини сотиб олиш, саралаш маркази ҳамда IT-инфратузилмани янгилаш, қўшимча почтаматларни ўрнатиш ва алоқа объектларини таъмирлаш каби чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Жамиятга замонавий бошқарув моделларини жорий этиш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш мақсадида мамлакатдаги йирик маркетплейс компанияларидан бири бўлган “WB INT EXPORT” МЧЖ билан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. Музокаралар давомида ушбу компания Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида 100 миллиард сўм миқдорида қарз маблағини тақдим этишга тайёрлигини билдирган.
Мазкур битим қонунчиликка кўра йирик битим ҳисоблангани боис акциядорлар умумий йиғилиши кун тартибига киритилган. Бироқ фоиз ставкалари, қарз миқдори ва қайтариш графиги бўйича якуний келишувга эришилмаганлиги сабабли, акциядорларнинг 2026 йил 21 сентябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилишида бу масалада қарор қабул қилинмаган. Шу боис, жамият томонидан 100 миллиард сўм қарз олингани ҳақидаги хабарлар асоссиздир. Қарз шартлари тўлиқ аниқлаштирилгач, масала қайта кўриб чиқилиши мумкин.
“WB INT EXPORT” МЧЖ вакилларининг “Ўзбекистон почтаси” АЖ Кузатув кенгашига жалб этилишидан асосий мақсад замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий қилиш ҳамда жалб қилиниши кўзда тутилган инвестиция маблағларининг мақсадли ишлатилишини назорат қилишдан иборатдир.

