Давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ ҳолда жамоатчиликда табиий равишда юзага келадиган саволлардан бири – бу уларни сотишдан тушган маблағлар қаерга йўналтирилади ҳамда ушбу маблағлар мамлакатимиз ва унинг фуқаролари учун қандай наф келтиради?
Давлат активлари агентлиги ушбу жараённинг очиқлигини таъминлаш, давлат мулки ва ер участкаларини сотишдан тушган маблағлар қандай тақсимланиши, қайси мақсадларга йўналтирилиши, шунингдек, ҳудудларни ривожлантириш, инфратузилмани янгилаш ва иқтисодиёт учун янги имкониятлар яратишга қандай ҳисса қўшишини кенг жамоатчиликка тушунтиришни муҳим деб ҳисоблайди.
Давлат активлари ва ер участкаларини сотишдан тушадиган маблағлар республика буджетининг ажралмас қисми ҳисобланган махсус жамғарма орқали очиқлик ва аниқ мақсадга йўналтирилганлик тамойиллари асосида тақсимланади. Мазкур жараён ҳудудларни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда маҳаллий буджетларнинг молиявий мустақиллигини оширишга хизмат қилади.
Ушбу маблағлардан фойдаланишнинг асосий йўналишлари ва тартиби қуйидагилардан иборат:
Мақсадли лойиҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш: Тушумларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ, аниқ мақсадларга йўналтирилади. Жумладан, пойтахтда амалга оширилаётган янги лойиҳалар ва инфратузилма объектларини молиялаштириш учун Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси орқали маблағ ажратилади.
Маъмурий биноларни янгилаш ва мақбуллаштириш: Давлат органларига тегишли биноларни сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан Янги Тошкент ҳудудида вазирлик ва идоралар учун замонавий, мақбуллаштирилган маъмурий бинолар қурилиши таъминланади. Бунда белгиланган меъёрларга мувофиқ, ҳар бир квадрат метр майдондан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади.
Маҳаллий буджетни қўллаб қувватлаш ва манфаатдорликни ошириш: Ер участкаларини сотиш, шунингдек, ер майдони 10 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини реализатсия қилишдан тушган маблағлар ҳам туман ва вилоят буджетларига йўналтирилади. Бу эса маҳаллий ҳокимликларга қўшимча даромад манбалари ҳисобидан ўз ҳудудларида янги лойиҳаларни амалга ошириш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ҳамда инфратузилмани яхшилаш учун молиявий имкониятлар яратади.
Маҳаллалар фаровонлигини ошириш: Маҳалла ҳокими ёрдамчиларининг онлайн буюртмалари асосида электрон савдоларга чиқарилган, майдони 5 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини сотишдан тушган маблағлар тегишли маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш бўйича жамғармаларга йўналтирилади.
Умуман олганда, давлат активларини сотишдан тушадиган маблағлар нафақат буджет даромадларини шакллантириш, балки ҳудудларда иқтисодий фаолликни ошириш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ҳудудини ривожлантиришдан манфаатдорлигини кучайтиришда ҳам муҳим восита бўлиб хизмат қилади.
Давлат активлари агентлиги
Матбуот хизмати

