Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

09 Октябрь 2026

ДАВЛАТ АКТИВЛАРИ АГEНТЛИГИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ: 9 ОЙЛИК ФАОЛИЯТ ЯКУНЛАРИ, ХУСУСИЙЛАШТИРИШНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ ВА КЎЧМАС МУЛК БОЗОРИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР

Оммавий ахборот воситалари учун Контент тайёрлаш марказида Давлат активлари агентлигининг 2026 йилнинг 9 ойи якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда хусусийлаштиришнинг янги босқичи, давлат активларини иқтисодий муомалага киритиш ҳамда риэлторлик фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги ўзгаришлар муҳокама қилинди.

Матбуот анжуманида 40 нафардан ортиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди. Тадбирда Давлат активлари агентлиги директори Соҳибжон Муродов асосий маъруза билан иштирок этди. Агентлик директори ўз нутқида мамлакатимизда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, хусусий сектор учун янги имкониятлар яратиш ва инвестицияларни жалб этишга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Хусусан, йирик давлат активларини хусусийлаштириш борасида эришилган натижаларга эътибор қаратилди. Жумладан, Coca-Cola Uzbekistan компаниясидаги давлат улуши 252 миллион АҚШ долларига, «Фарғонаазот»даги давлат улуши 140 миллион АҚШ долларига, шунингдек, Самарқанд автомотиль заводидаги давлатнинг 75,2 фоиз улуши 80 миллион АҚШ долларига реализация қилинган. Шунингдек, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган Президентнинг ПФ-177-сон Фармони ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Фармонга мувофиқ, 2026 йилда 84 та жамият устав капиталидаги давлат улушлари, 1 242 та кўчмас мулк объекти ҳамда 8 минг гектар ер участкаларини савдога чиқариш белгиланган. Бундан ташқари, давлат иштирокидаги 85 та корхонани тугатиш ёки қайта ташкил этиш, шунингдек, умумий қиймати қарийб 100 триллион сўмлик давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар активлари ҳамда ер участкаларини савдога чиқариш, хусусийлаштиришдан камида 14 триллион сўм тушум олишни таъминлаш вазифаси белгиланган. Хусусийлаштиришнинг янги босқичи доирасида давлат активларини бозорга тезроқ чиқариш, инвесторлар ва тадбиркорлар учун имкониятларни кенгайтириш ҳамда давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча механизмлар жорий этилмоқда.

Матбуот анжуманида ер участкаларини хусусийлаштириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар ҳам тақдим этилди. 2026 йил бошидан буён тадбиркорларга 2,8 минг гектар ер участкаси 11 796 та лот орқали жами 4,7 триллион сўмга реализация қилинди. Шунингдек, фуқаролар ва юридик шахслар фойдаланаётган ер участкаларини хусусийлаштириш доирасида 36,5 мингдан ортиқ ер участкаси, жами 3 509 гектар майдон хусусийлаштирилди. Агентлик директори электрон савдо платформалари фаолияти, шунингдек, давлат активлари ва ер участкаларини харид қилишда тадбиркорлар ҳамда фуқаролар учун яратилаётган янги имкониятлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Матбуот анжуманининг муҳим мавзуларидан бири риэлторлик фаолиятини янги тартибга солиш масаласи бўлди. Таъкидланганидек, 2026 йил 7 августда «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Мазкур қонун риэлторлик хизматлари бозорини ривожлантириш, унинг шаффофлиги ва профессионаллигини оширишга қаратилган. Қонунга мувофиқ, Давлат активлари агентлиги риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланган. Қонун доирасида риэлторлар ва риэлторлик ташкилотларининг ягона очиқ реестрини шакллантириш, мутахассисларнинг малакасини сертификатлаш ва касбий тайёргарлигига қўйиладиган талабларни белгилаш, шунингдек, риэлторлик хизматларининг миллий стандартларини жорий этиш назарда тутилган.

Муҳим янгиликлардан яна бири — мультилистинг тизимини жорий этишдир. Мазкур тизим кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотларни ягона электрон тизимда жамлаш ва риэлторлар ўртасида ахборот алмашинувини таъминлаш имконини беради. Ушбу тизим кўчмас мулк бозорида ахборотнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, рақобат муҳитини ривожлантириш ҳамда бозор иштирокчилари учун маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Қонунда, шунингдек, риэлторлик хизматларини кўрсатишда мижозларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда риэлторларга маълум бўлган ахборотнинг махфийлигини таъминлаш бўйича аниқ талаблар белгиланган. Матбуот анжумани якунида Агентлик вакиллари журналистлар ва блогерларнинг хусусийлаштириш, ер участкаларини реализация қилиш, электрон савдолар фаолияти ҳамда кўчмас мулк бозорини янги тартибга солиш масалаларига оид саволларига жавоб бердилар.

Давлат активларини бошқариш агентлиги

Матбуот хизмати

1 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech