Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

06 Ноябрь 2026

ДАВЛАТ АКТИВЛАРИ АГЕНТЛИГИ ВА DEİK ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ЖАРАЁНИГА ТУРКИЯ ИНВЕСТОРЛАРИНИ ЖАЛБ ЭТИШ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИНИ МУСТАҲКАМЛАМОҚДА

Давлат активлари агентлигида директор Соҳибжон Муродовнинг Туркия Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (DEİK) ҳузуридаги Туркия – Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши раиси Ўзгюр Онур Ўзгювен билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувнинг асосий натижаси Давлат активлари агентлиги ва DEİK ўртасида Ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши бўлди. Ушбу ҳужжат Туркия бизнес ҳамжамияти билан тизимли ҳамкорликни ривожлантириш, инвесторлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг инвестициявий имкониятларини Туркия бозорида тақдим этишга қаратилган.

Ҳужжатда хусусийлаштириш учун таклиф этилаётган давлат активлари тўғрисида Туркия компанияларини хабардор қилиш, инвестициявий таклифлар билан ўзаро алмашиш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда Туркия капиталини Ўзбекистондаги иқтисодий ўзгаришларга жалб этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш назарда тутилган.

Эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича дастлабки амалий қадамлардан бири сифатида Туркия томони 2026 йил декабрь ойида Туркия инвесторлари учун Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига бағишланган махсус панель сессиясини ўтказишни таклиф этди. Ушбу тадбир истиқболли активларни тақдим қилиш, хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиш шартларини муҳокама қилиш ҳамда Давлат активлари агентлиги вакиллари ва инвесторлар ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш майдонига айланади.

Мулоқот давомида Давлат активлари агентлиги директори жорий хусусийлаштириш дастурининг асосий йўналишлари, янги инвестициявий имкониятлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-177-сонли Фармонида назарда тутилган давлат активларини харид қилиш шартларини тушунтирди.

Алоҳида эътибор келгусидаги хусусийлаштириш босқичининг кўламига қаратилди. Хусусан, 2026–2027 йилларда 84 та корхонадаги давлат улушлари, 1 242 та кўчмас мулк объекти ва қарийб 8 минг гектар ер майдонларини савдоларга чиқариш назарда тутилган. Сотилиши режалаштирилган активлар ва ер майдонларининг умумий қиймати қарийб 100 триллион сўмни ташкил этади.

Инвесторлар учун янги молиявий шарт-шароитлар, жумладан, олти ой ичида тўлов тўлиқ тўланганда 25 фоиз миқдоридаги чегирма, тўловларни 7 йилгача муддатга фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти ҳамда сотиб олинаётган объектлар қийматининг камида 50 фоизи тўланганидан сўнг уларни реконструкция қилишни бошлаш ҳуқуқи алоҳида кўриб чиқилди.

Туркиялик инвесторлар Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларида салмоқли ўрин эгалламоқда. Сўнгги йилларда Туркия бизнес вакиллари томонидан умумий қиймати қарийб 366 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 30 дан ортиқ давлат активи харид қилинган. Ҳамкорликнинг янада кенгайтирилиши инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш, корхоналарни модернизация қилиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш учун қўшимча имкониятлар очади.

Томонлар Меморандумнинг имзоланиши ва декабрь ойидаги панель сессиясининг ўтказилиши туркиялик компанияларнинг хусусийлаштириш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш ва икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлишини таъкидлаб, эришилган келишувларни амалда рўёбга чиқаришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Давлат активлари агентлиги

Матбуот хизмати

5 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech