Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

20 Ноябрь 2026

НЕГА ЙИРИК АКТИВЛАРНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ АЛОҲИДА ЁНДАШУВНИ ТАЛАБ ҚИЛАДИ?

Йирик активларни хусусийлаштириш жараёни оддий кўчмас мулк объектларини сотишдан тубдан фарқ қилади. Бундай объектларнинг иқтисодиётдаги аҳамияти юқори экани, шунингдек, уларнинг фаолияти атрофида кўплаб турдош тадбиркорлик субъектлари шаклланганини инобатга олган ҳолда, мазкур масала пухта ўйланган стратегик қадамларни талаб этади. Бунда уларнинг асосий харидорлари сифатида маҳаллий тадбиркорлар билан биргаликда йирик хорижий инвесторлар ва халқаро компаниялар ҳам майдонга чиқиши кўзда тутилади.

Давлат активлари агентлиги томонидан ҳар бир йирик активни савдога чиқаришдан олдин уни хусусийлаштириш стратегияси ишлаб чиқилади. Ушбу жараён бир неча босқичдан иборат бўлиб, муайян вақтни талаб қилиши мумкин. Хусусан, тижорат банклари мисолида айтадиган бўлсак, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоли активлар уларнинг инвеститсиявий жозибадорлигини пасайтириши табиий. Бундай ҳолатларда халқаро маслаҳатчилар жалб этилади, чуқурлаштирилган аудит ўтказилади ҳамда банк фаолиятини молиявий соғломлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилади.

Яна бир муҳим жиҳат кўп йиллик тарихга эга корхоналар балансида сақланиб келаётган носоҳавий объектлар билан боғлиқ. Дам олиш масканлари, тиббиёт муассасалари ва чорвачилик мажмуалари каби активларни тўғридан-тўғри хусусийлаштиришга чиқариш корхонанинг умумий инвеститсиявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, дастлаб корхоналарни асосий фаолият йўналишига тааллуқли бўлмаган ҳамда рентабеллик даражаси паст активлардан ажратиш, муаммоли бўлинмаларни молиявий соғломлаштириш ва уларни фаол иқтисодий айланмага жалб этиш босқичлари ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 177-сонли Фармони билан бу борада бир қатор муҳим имтиёзлар белгилаб берилган. Жумладан, фармоннинг 5-бандига мувофиқ, тижорат банклари муаммоли активларини соғломлаштириш ва тезкор реализатсия қилиш учун қулай солиқ ва ҳуқуқий шароитлар яратилган. Ушбу механизмларга мувофиқ, банклар ва инвесторлар балансига қабул қилинадиган, шунингдек, харидорлар томонидан сотиб олинадиган кўчмас мулк объектлари белгиланган муддат давомида мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади. Бундан ташқари, мулкини банкларга ихтиёрий равишда топширган шахслар қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлашдан озод қилинади. Банклар учун эса солиқни фақат мол-мулкни сотиш нархи билан унинг баланс қиймати ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаш тартиби белгиланади. Шунингдек, гаровга қўйилган мол-мулкни расмийлаштиришда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича илгари мавжуд бўлган чекловлар бекор қилинади.

Мазкур чора-тадбирларнинг амалиётга татбиқ этилиши йирик активларни иқтисодий айланмага янада қисқа муддатларда ва самарали жалб этиш, уларнинг инвеститсиявий жозибадорлигини ошириш ҳамда мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилади.

 

Давлат активлари агентлиги

Матбуот хизмати

 

6 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech