Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февраль куни ёшлар билан мулоқот тарзида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқларга мувофиқ, «Ёшлар баланси» асосида алоҳида эътибор талаб этадиган ёшларни вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларига бириктириш доирасида, ёрдамга муҳтож ва алоҳида қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезадиган ёшларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг баёни асосида Давлат активларини бошқариш агентлигига Навоий вилояти Хатирчи туманидан жами 37 нафар ёш бириктирилди. Жумладан, «Оқ олтин» МФЙдан 8 нафар, «Қўрғонтепа» МФЙдан 11 нафар, «Уйшин» МФЙдан 9 нафар ва «Кўксарой» МФЙдан 9 нафар ёшлар киритилган.

Шу асосда, Давлат активларини бошқариш агентлиги масъуллари Навоий вилоятинининг агентликка бириктирилган ёшлари билан учрашув ўтказди.

Тадбирда Давлат активлари агентлиги директорининг маслаҳатчиси Ф.Тўраев, Хатирчи тумани ҳокими У.Адизов, Ёшлар ишлари агентлиги Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи У.Бахромов иштирок этди. Унда ёшларнинг бугунги кундаги мавжуд муаммолари, қизиқишлари билан яқиндан танишилиб, уларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазалари ўрганиб чиқилди.

Учрашув давомида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш ҳамда маҳаллаларда ёшлар билан тизимли ишлаш бўйича сўз юритилди.

Ўз навбатида ёшларнинг фаолият юритаётган соҳаси, қизиқишлари, бугунги кундаги мавжуд муаммолари ва бандлигини таъминлаш мақсадида, Давлат активлари агентлиги номидан 4 нафар ёшларга пайвандчилик ишлари учун устачилик анжомлари, 11 нафар ёшларга уй шароитида тикувчилик фаолияти учун тикув машиналари, 2 нафар ёшга бириктирилган ер участкаларидан мақсадли фойдаланиш учун қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун 1 та компьютер жиҳози топширилди.

Бу учрашувлар давомида ёшларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва уларни ҳал этишга қаратилган амалий чораларни самарали амалга ошириш имконини бермоқда.

