Аввал хабар қилинганидек, “UZ CHASYS” МЧЖ устав капиталидаги 70 фоиз давлат улушини (кейинги ўринларда – Актив) очиқ савдо жараёнларининг дастлабки – Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Expression of Interest, EoI) босқичи бошланган.
Мазкур жараённи ташкил этиш учун “Portfolio Investments” компанияси (кейинги ўринларда – Консультант) хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб этилган.
Дастлабки босқич доирасида, Консультант томонидан кенг қамровли маркетинг ва тарғибот ишлари амалга оширилди, жумладан, инвестиция тизерлари салоҳиятли инвесторларга юборилди. Белгиланган муддат – 2025 йил 1 августга қадар, 5 нафар хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар (EoI) Консультантга тақдим этилди.
Консультант томонидан келиб тушган аризалар қуйидаги аввалдан белгиланган мезонлар асосида ўрганиб чиқилди:
- талабгорларнинг молиявий имкониятларининг етарлилиги;
- ҳуқуқий тўсиқлар мавжуд эмаслиги;
- жиноий даромадлар ва терроризмни молиялаштиришга қарши қонунчиликка риоя этилиши;
- талабгорларнинг Европа Иттифоқи, АҚШ ва халқаро молия институтлари санкция рўйхатларига киритилмаганлиги.
Таҳлил натижаларига кўра, Консультант томонидан барча талабгорлар ушбу мезонларга тўлиқ мувофиқ деб топилди ҳамда хусусийлаштириш жараёнининг кейинги – Мажбуриятга эга бўлган таклифларни (Binding Offer, BO) қабул қилиш босқичида иштирок этиш учун таклиф қилинади. Талабгорларга жараён тўғрисидаги батафсил маълумот алоҳида индивидуал хат орқали (Process Letter) Консультант томонидан юборилади.
Навбатдаги босқич тўғрисида:
Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдирган барча талабгорлар:
- Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA)ни имзолашлари талаб этилади;
- Консультант томонидан тайёрланган Активнинг молиявий, юридик ва операцион фаолиятига оид маълумотлар, шунингдек, аналитик ҳисоботлар жойлаштирилган виртуал маълумотлар хонасига (VDR) кириш имкониятига эга бўлади;
- Активга ташриф буюрган ҳолда унинг бошқарув органига саволлар бериш имкониятига эга бўлади.
Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) 2025 йил 3 сентябрь Тошкент вақти билан соат 23:59 га қадар қабул қилинади.
Талабгорлар ушбу муддатга қадар “E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинетлари орқали ўз қатъий нарх таклифларининг қийматини камида 1 фоизини кафолатли тўлов (Security payment) сифатида “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” АЖнинг махсус ҳисоб рақамига ўтказиши талаб этилади. Кафолат тўлови талабгор:
- ғолиб деб топилмаган ҳолларда қайтарилади,
- ғолиб деб топилган тақдирда – сотиб олиш тўловининг бир қисми сифатида ҳисобга олинади.
Шахсий кабинет реквизитлари ва фойдаланиш тартиби бўйича батафсил маълумот иштирокчиларга Консультант томонидан юбориладиган индивидуал хат (Process Letter) орқали тақдим этилади.
Активни сотиб олиш бўйича шартлар:
- Активни олди-сотди шартномаси расмий рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб, корхонанинг асосий фаолият йўналишини камида 10 (ўн) йил давомида сақлаб қолиш. Бу муддат мобайнида:
- маҳсулотларнинг лицензиати бўлган “General Motors” компанияси томонидан тасдиқланган етказиб берувчи билан техник қўллаб-қувватлаш бўйича амалдаги лицензия шартномаларига,
- “General Motors” технологияларидан фойдаланиш бўйича Бош Альянс шартномаси талаблари ва чекловларига қатъий риоя қилиниши талаб этилади.
- Корхонада мавжуд иш ўринлари ва ходимлар сони камида 2 (икки) йил мобайнида сақлаб қолиниши (табиий сабаблар билан бўшайдиган иш ўринлари бундан мустасно), иш ҳақи фонди миқдори камайтирилмаслиги ва жамоа шартномаси шартлари ёмонлаштирилмаслиги.
Шунингдек, Мажбуриятга эга бўлган таклифларни қабул қилиш (BO) босқичига ўтган талабгорлар билан Активни сотиб олиш ва унинг келгусидаги фаолияти бўйича асосий шартлар тўғрисида Битим (“Term Sheet”) имзоланади.
Давлат активлари агентлиги хусусийлаштириш жараёнларига қизиқиш билдирган ва аризалар топширган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдиради ҳамда Активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш босқичидан муваффақиятли ўтган талабгорлар билан жараённинг навбатдаги босқичида конструктив ҳамкорликка ишонч билдиради.
Дисклеймер
Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давлат активлари агентлиги ва “Portfolio Investments”нинг Активларни сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давлат активлари агентлиги ва “Portfolio Investments” ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай муносабатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:
(i) аризалар бериш муддатига ўзгартириш киритиш;
(ii) савдо жараёнларининг босқичлари бўйича ўзгартириш киритиш;
(iii) турли хил манфаатдор томонлар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давлат активлари агентлиги ва “Portfolio Investments” томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;
(iv) ҳар қандай сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;
(v) ва/ёки исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Савдога тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.

