Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Германия Федератив Республикасига амалий ташрифи доирасида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродовнинг Германия Федерал транспорт вазирлигининг Давлат улушлари ва акциядорлик иштирокини бошқариш бўлинмаси раҳбари доктор Андреас Керст билан учрашуви бўлиб ўтди.
Германия томони транспорт инфратузилмасининг етакчи компанияларида, жумладан Deutsche Bahn AG ва DB InfraGO AG, шунингдек автомобиль, сув ва темир йўл транспорти, аэропорт ва йўл инфратузилмаси соҳаларида фаолият юритаётган корхоналарда давлат иштирокини бошқариш тажрибасини тақдим этди.
Музокаралар давомида асосий эътибор транспорт соҳасидаги давлат компанияларини трансформация қилиш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, молиявий ва оператив самарадорликни ошириш ҳамда стратегик бошқарувнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича Германия ёндашувларига қаратилди.
Муҳокаманинг алоҳида йўналиши Германиянинг пуллик автомобиль йўлларини бошқариш тажрибаси бўлди. Томонлар ташкилий ва институционал моделлар, йўл инфратузилмасини молиялаштириш ва эксплуатация қилиш ёндашувларини, шунингдек тегишли амалиётларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Учрашув қатнашчилари профессионал ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият бердилар. Хусусан, экспертлик маслаҳатлашувларини ташкил этиш, бошқарув тажрибаси билан ўртоқлашиш ҳамда давлат активларини ва транспорт инфратузилмасини бошқариш соҳасида ишлаётган мутахассислар малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини ўтказиш муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича яқин орада ҳамкорликнинг асосий йўналишларини, жумладан транспорт сектори давлат корхоналарини трансформация қилиш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва мутахассисларнинг профессионал ваколатларини ривожлантиришни мустаҳкамлайдиган ҳамкорлик битимини тайёрлаш ва имзолашга келишиб олинди.
Эришилган келишувлар Ўзбекистон давлат корхоналарини ислоҳ қилишга Германия экспертлик салоҳиятини жалб этиш ва давлат мулкини бошқариш самарадорлигини оширишга қаратилган халқаро амалиётларни жорий этиш учун замин яратади.

