Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

04 Октябрь 2025

Давлат активларини бошқариш соҳасида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб, янги босқичга кўтарилмоқда

2025 йил 2 октябрь санасида Германия Халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) ташаббусига асосан Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарияти ва Германия Федерал Молия вазирлигининг Департаменти директори Доктор Андреас Керст бошчилигидаги делегацияси иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, Давлат активлари агентлиги сўнги йиллар давомида GIZ билан фаол ва самарали ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, ушбу ташкилот кўмаги билан германиялик экспертлар иштирокида бир қатор семинар ва давра суҳбатлари ўтказилиб, қонунчилик лойиҳалари кўриб чиқилган, шунингдек юқори давлат органлари ҳамда Давлат активлари агентлиги вакиллари учун Германияга тажриба алмашиш сафарлари ташкил қилинган.

Учрашувда, шунингдек Indecon Consulting (Германия) компаниясини раҳбари Маттиас Нэм ҳамда “2026-2030 йилларда давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш стратегияси” лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан Осиё тараққиёт банки кўмагида эксперт сифатида жалб қилинган Баходир Атахановлар иштирок этди.

Музокаралар икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва давлат активларини бошқариш соҳасидаги истиқболли йўналишларни белгилаб олишга қаратилди.

Тадбир давомида қатор муҳим масалалар – давлат активларини, айниқса давлат кўчмас-мулки объектларини самарали бошқариш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, илғор халқаро амалиётдан келиб чиқиб, қонунчиликни янада такомиллаштириш, шунингдек, Германия тажрибаси асосида корхоналарда замонавий корпоратив бошқарув тизимларини жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар ўзаро ҳамкорлик йилдан-йилга кенгайиб, янги мазмун касб этаётганини алоҳида таъкидладилар. Айниқса, сўнгги йилларда амалга оширилган йирик ташаббуслар – “Акциядорлик жамиятлари тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Германиялик ҳамкорлар (жумладан Indecon Consulting)нинг фаол иштироки ҳамда ҳамкорликда тайёрланаётган янги таҳрирдаги “Корпоратив бошқарув кодекси” лойиҳаси мамлакатимизда самарали ва шаффоф бошқарув тизимини шакллантириш йўлида муҳим қадам сифатида эътироф этилди.

Шу билан бирга, Агентлик томонидан 2026–2030 йилларга мўлжалланган Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш стратегияси устида иш олиб борилаётгани қайд этилди. Мазкур ҳужжат давлат иштирокидаги корхоналар сонини қисқартириш, иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш ҳамда давлат активларини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштиришда асосий йўл харитаси бўлиб хизмат қилади. Бу жараёнда германиялик экспертлар билан ҳамкорлик изчил давом эттирилади.

Учрашувда Германиянинг Федерал кўчмас мулк агентлиги (BiMA)фаолияти, шунингдек йирик холдинг компаниялари трансформация қилиш, жумладан улар таркибидаги шўъба корхоналар ва хизматларни хусусий секторга ўтказиш мақсадга мувофиқлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Давлат кўчмас мулк объектларини ягона тизимда бошқаришнинг ушбу илғор модели Ўзбекистон шароитига мослаштирилган ҳолда татбиқ этилиши ,ушбу соҳани рақамлаштириш мамлакатимизда давлат мулкини бошқариш соҳасида мутлақо янги босқични бошлаб бериши қайд этилди.

Музокаралар якунида томонлар давлат активларини бошқариш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш, хусусий сектор улушини янада ошириш ва энг муҳими, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали кўп йиллик ҳамкорликни стратегик даражада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Германия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 3 октябрь санасида Фарғона вилоятига амалий сафар ташкил этилди. Унда меҳмонлар вилоятнинг маданий ва иқтисодий салоҳияти билан яқиндан танишдилар. Сафар давомида улар Риштон туманидаги машҳур ҳунармандлик марказида бўлиб, ўзига хос кулолчилик санъати намуналари билан танишдилар. Шунингдек, Олтиариқ туманидаги серҳосил узумзорлар ва намунавий хонадон томорқаларини кўздан кечириб, Фарғона водийси аҳолисининг меҳнатсеварлиги, замонавий ёндашуви ва табиат билан уйғун ҳаёт тарзидан чуқур таассурот олдилар.

Бу сафар меҳмонларда Фарғона водийсининг бунёдкорлик руҳи, қадимий анъаналар билан замонавий тараққиёт уйғунлигини ифода этувчи бетакрор манзараси ҳақида ўчмас таассурот қолдирди.

63 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech