Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

26 Октябрь 2025

Туркия Республикаси Хусусийлаштириш Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ўртасида ходимлар алмашинуви дастури муваффақиятли амалга оширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2025 йил 27 март куни давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган 16-сонли топшириқнинг 4.4-банди ижроси доирасида, бинолар ва ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Туркия Республикаси Хусусийлаштириш Администрацияси ўртасида имзоланган Англашув Меморандуми асосида муайян муддатга ходимлар алмашинуви (temporary secondment) дастури 2025 йил сентябрь–октябрь ойларида амалга оширилди.

Дастур доирасида Давлат активларини бошқариш агентлиги ходимлари жорий йилнинг 14–29 сентябрь кунлари Туркия Республикасига хизмат сафари билан ташриф буюрдилар. Хизмат сафари Администрация томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида Анқара ва Истанбул шаҳарларида ташкил этилди.

Ўқув амалий сафар давомида, хусусийлаштириш жараёнларида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, жумладан давлат хизматларини хусусийлаштириш механизмлари, бундаги профессионал ва барқарор ёндашув асосида ишлаш тамойиллари чуқур ўрганилди. Шунингдек, илгари хусусийлаштирилган корхоналар ва объектларда хусусийлаштириш жараёнларининг амалий жиҳатлари билан танишилди.

Хизмат сафари доирасида Туркия Рақобат қўмитаси ҳамда Туркия Ғазначилик ва молия вазирлигига ташрифлар уюштирилиб, давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти ва уларни бошқариш амалиёти бўйича тақдимотлар билан танишилди. Шу билан бирга, Туркияда давлат активларини хусусийлаштириш соҳасидаги қонунчилик асослари таҳлил қилинди. Хусусан, “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун ва унга оид қонуности ҳужжатлари Хусусийлаштириш Администрацияси мутахассислари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Дастур давомида хусусийлаштирилган соҳаларнинг натижалари, кўчмас мулк ва ер майдонларини хусусийлаштириш тартиб-таомиллари ҳамда йирик давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш тизимлари бўйича амалий тажриба ўрганилди. 

Ходимлар алмашинуви дастурининг навбатдаги босқичи сифатида, жорий йилнинг 13–22 октябрь кунлари Туркия Республикаси Хусусийлаштириш Администрацияси делегациясининг Ўзбекистон Республикасига амалий ташрифи ташкил этилди.

Мазкур ўқув-амалий дастур давомида меҳмонлар:

Хусусийлаштириш жараёнларини ҳуқуқий-институционал асослари, сўнгги йилларда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг амалий ижроси ва натижаси билан танишдилар.

Рақамли бошқарув тизимлари, «E-Auksion» электрон савдо платформаси орқали амалга оширилаётган жараёнларни амалий кўринишда ўргандилар. Бу тизимлар давлат мулкини бошқаришда шаффофлик, самарадорлик ва очиқликни таъминлайдиган замонавий рақамли ечими эканлиги турк делегацияси томонидан таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, самарадорликни ошириш, кузатув кенгашлари фаолиятини кучайтириш ҳамда KPI тизимини жорий этиш, давлат активларининг ягона реестри йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишдилар.

Якуний учрашув Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилиб, ташриф натижалари сарҳисоб қилинди ва икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш йўналишлари муҳокама этилди. 

Томонлар 2026 йилда ҳам шундай ўқув ва тажриба алмашиш дастурларини изчил давом эттириш, соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда давлат активларини самарали бошқариш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан келишиб олдилар.

Ходимлар алмашинуви дастури Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий, илмий ва маданий соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, давлат активларини самарали бошқариш ва хусусийлаштириш жараёнларида илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.

6 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech