Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

17 Май 2025

Навоий вилоятида тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди

Cўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш ҳамда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш юзасидан кескин ислоҳотлар амалга оширилиб, бу борадаги ишлар янада жадаллаштирилмоқда.

 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги “2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра, 115 та корхонадаги давлат акция пакетлари, 659 та кўчмас мулк объектлари ҳамда 6100 гектар ер участкалари оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.

 

Шу билан бирга, мазкур Фармон билан давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш мақсадида, 2030 йил 1 январга қадар давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга мораторий жорий қилинди ҳамда бозорлар уставида маҳаллий давлат ҳокимликларнинг мажбурий иштирок этиши талаби бекор қилинди.

 

Ўз ўрнида, ҳудудларда мазкур Фармон мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликка тушунтириш, унинг тарғибот ишларини жадаллаштириш мақсадида, жорий йилнинг 17 май куни Давлат активлари агентлиги томонидан Навоий вилоятида хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги “Roadshow” тақдимоти ўтказилди.

Ушбу тадбирда 150 нафардан зиёд тадбиркорлар ва инвесторлар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда вилоятдаги йирик корхоналарнинг вакиллари иштирок этди.

 

Тақдимот Давлат активлари агентлиги директорининг ўринбосари Алишер Миралиев, Навоий вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Рустам Сулаймонов ҳамда Агентликнинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Нурали Атажанов бошчилигида бўлиб ўтди.

Тадбирда давомида А.Миралиев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда хусусийлаштириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш юзасидан кескин ислоҳотлар амалга оширилиб, тадбиркорлар учун хусусийлаштириш ва давлат мулкини ижарага бериш йўналишларида бир қатор имтиёзлар ва қулайликлар яратилганлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан:

 

  • Давлат активини сотиб олиш тўловлари 1 ой давомида тўланган тақдирда, харидорга харид суммасидан Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида чегирма қўлланилади;
  • давлат кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари учун сотиб олиш тўловларининг миқдорига қараб 3 йилгача бўлган муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти мавжуд.
  • меҳмонхона ва туризм хизматларини кўрсатиш бўйича давлат мулкини савдога чиқаришда харид тўловлари миқдоридан қатъи назар уларни 5 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;
  • тиббиёт ва таълим ташкилотини ташкил этиш учун аукцион савдоларида сотилган давлат кўчмас мулк объектларининг сотиб олиш нархидан қатъи назар барча харидорларга харид тўловларини 5 йил муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;
  • ижарага олувчи томонидан йиллик ижара тўловлари 1 ой давомида тўланган тақдирда, унга йиллик ижара суммасидан Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида чегирма берилади;
  • «E-auksion» орқали ижарага олинганига камида 5 йил бўлган давлат мулки объектини капитал таъмирлаш, модернизация қилиш, теварак-атрофини ободонлаштириш бўйича ишлар амалга оширилган ва ижара тўловлари ўз вақтида тўлаб келинган давлат мулки объектининг ижарага олинган қисми баҳоланган қийматда тўғридан тўғри сотиб олиш ҳуқуқи берилади;
  • майдони 10 минг м2 гача бўлган давлат мулки объектлари юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга тўғридан тўғри текин фойдаланишга берилади. Шартнома шартлари бажарилган тақдирда, ушбу тадбиркорлик субъектларига баҳоланган қийматда тўғридан тўғри сотилади;
  • Барча турдаги ер участкаларининг қиймати 15 иш кунида тўлиқ тўланган тақдирда, жами суммага нисбатан 20 фоиз чегирма берилади (бошланғич нархи 50 фоиздан ортиққа пасайтирилган ҳолда реализация қилинган ер участкалари бундан мустасно).
  • Бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича камида 35 фоиз миқдоридаги дастлабки тўловни бирйўла амалга оширган харидорларга мазкур ер участкаларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилади;
  • Аукцион савдоларига тадбиркорлик учун чиқарилган ер участкалари (вилоят марказлари бундан мустасно) 3 ой давомида сотилмаганда бошланғич қийматининг 30 фоизигача, 6 ой давомида сотилмаганда 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилиши, сотиб олиш тўловларининг 15 фоизини 3 ой муддатда қолган қисмини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди.

Шу билан бирга, “Roadshow” иштирокчиларига Давлат активлари агентлиги Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан 2024 йил давомида 60 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилганлиги, савдода турган 98 та давлат активлари 146,7 млрд.сўм қийматга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганлиги маълум қилинди. Бундан ташқари, тадбиркорлар ва фуқаролар учун 1775 та 653,3 гектар ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, шундан 746 та 203,2 гектар ер участкалари 197,1 млрд.сўмга сотилишига эришилган.

 

Ҳудудий бошқарма томонидан 2025 йилнинг ўтган даврида янги 27 та давлат активлари аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, савдода турган 39 та давлат активлари 38,1 млрд.сўм қийматга сотилиши таъминланган.

 

Ўз ўрнида, янги 2025 йилги хусусийлаштириш дастурига мувофиқ, Навоий вилоятида оммавий савдоларда сотилиши белгиланган жами 2 та давлат ва давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларининг улушлари, 35 та кўчмас мулк объектлари ҳамда 485,5 гектар ер майдонлари тадбиркорлар ва тадбир иштирокчиларига яқиндан таништирилди.

Шунингдек, тадбир давомида қатнашчиларга “E-auksion” электрон савдо платформасидан фойдаланиш, савдо платформасида шахсий кабинет очиш, онлайн электрон имзо олиш ва савдоларда қатнашиш учун аризалар бериш тартиблари ҳам назарий, ҳам амалий тушунтирилди.

 

Кўтаринки руҳда ва савол-жавобларга бой ўтган тадбир якунида қатнашчилар ва ОАВ вакиллари томонидан берилган бир қатор саволларга тегишли жавоблар бериб ўтилди.

 

Жумладан, Навоий шаҳри Ватан маҳалласида тикувчилик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркор томонидан фаолиятини кенгайтириш учун маҳалла ҳудудидаги бўш бино қисмини ижарага олиш учун аукционга чиқариш тартиби бўйича савол берилди. Мазкур савол бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-102-сон Қарори билан жисмоний шахсларга «Давлат мулки» ахборот тизими орқали майдони 2 000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилганлиги тўғрисида тушунтириш берилди.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-93-сон Фармони доирасида «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастурига кирган Кармана туманидан ташриф буюрган ёш тадбиркор мазкур дастур доирасида тегишли сертификатга эга тадбиркорларга давлат мулкини хусусийлаштиришда бериладиган имтиёзлар юзасидан савол берди. Ўз ўрнида, ушбу дастурда иштирок этаётганлигини тасдиқловчи сертификатга эга бўлган тадбиркорлик субъектларига бир қатор алоҳида имтиёзлар яратилганлиги юзасидан тушунтириш берилди. Хусусан, дастурда иштирок этаётганлигини тасдиқловчи сертификатга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари:

  • аукционда давлат кўчмас мулк объектларини сотиб олганда тадбиркорлик субъектлари томонидан яратиладиган янги иш ўринлари сонига қараб 3 йилдан 5 йилгача тўловларни фоизсиз тўлаш имконияти берилади;
  • аукционда давлат мулкидаги ерга бўлган ҳуқуқларни сотиб олганда тадбиркорлик субъектлари томонидан яратиладиган янги иш ўринлари сонига қараб 3 йилдан 5 йилгача тўловларни фоизсиз тўлаш имконияти берилади.

64 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech