Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

25 Ноябрь 2026

Давактив агентлиги директорининг Халқаро туризм ярмаркаси ва биринчи Инвеститсия форумидаги нутқи

ҲУРМАТЛИ ХОНИМЛАР ВА ЖАНОБЛАР!

ҲУРМАТЛИ ИНВЕСТОРЛАР ВА ФОРУМ ИШТИРОКЧИЛАРИ!

Аввало, барчангизни Тошкент шаҳрида ўтказилаётган Халқаро туризм ярмаркаси ва биринчи Инвеститсия форуми билан самимий қутлайман.

Бугунги форумнинг ўтказилиши мамлакатимизда инвеститсиявий ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини жаҳон ҳамжамиятига янада кенг намоён этиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро туризм бозорида ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Жорий йил бошидан буён мамлакатимизга 11,6 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди.

Сўнгги икки йилда узоқ хориждан келаётган сайёҳларнинг мамлакатимизда ўртача бўлиш муддати 6,5 кундан 8 кунгача узайди. Тўлов қобилияти юқори бўлган сайёҳлар улуши 14 фоиздан 21 фоизга етди, бир сайёҳнинг ўртача харажатлари эса 21 фоизга ошди.

Бу кўрсаткичлар туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги, мамлакатимизнинг халқаро жозибадорлиги ортиб бораётгани ва хизматлар бозорида янги иқтисодий имкониятлар шаклланаётганининг яққол ифодасидир.

Шу билан бирга, халқаро ташкилотларнинг йирик тадбирларини мамлакатимизда мунтазам ўтказиш, туризмнинг янги йўналишларини ривожлантириш, жумладан, ҳаво шарлари, параплан ва делтаплан хизматларини йўлга қўйиш орқали сайёҳлик маҳсулотларини диверсификатсия қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Зеро, туризмнинг ривожланиши нафақат хизматлар экспортининг ўсиши, балки инфратузилма, қурилиш, транспорт, меҳмонхона бизнеси ва бошқа кўплаб тармоқларга янги инвеститсияларни жалб этиш учун ҳам муҳим омилдир.

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Иқтисодиётнинг барқарор ўсиши, рақобатбардошликни ошириш ва янги иш ўринларини яратиш, энг аввало, хусусий секторнинг фаоллиги ҳамда инвеститсиялар учун қулай шарт-шароитларнинг мавжудлигига боғлиқ.

Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистонда иқтисодиётда давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш, хусусий мулкчиликни кенгайтириш ва хусусий секторнинг иқтисодий тараққиётдаги ролини кучайтириш давлат иқтисодий сиёсатининг стратегик устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, 2030 йилга қадар иқтисодиётда хусусий сектор улушини 85 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Ушбу мақсадга эришишда давлат активларини хусусийлаштириш муҳим иқтисодий инструмент бўлиб хизмат қилади.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг асосий вазифаси ҳам айнан шу — давлат мулкини иқтисодиётнинг самарали иштирокчисига айлантириш, хусусий капитал учун янги имкониятлар очиш ва активларнинг инвеститсиявий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришдан иборат.

Бу борадаги фаолиятимиз фақат давлат активларини сотиш билан чекланмайди. Биз хусусийлаштириш орқали корхоналарга стратегик инвесторларни жалб қилиш, ишлаб чиқаришни модернизатсиялаш, замонавий бошқарув технологияларини жорий этиш ва уларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишни мақсад қилганмиз.

Ҳурматли инвесторлар!

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларига тўхталадиган бўлсам.

2026-йилнинг 11 ойи давомида умумий қиймати 60,84 трлн сўмлик давлат активлари ва ер участкаларини савдога чиқарилди (активлар – 52,69 трлн сўм, ер участкалари – 8,15 трлн сўм).

Хусусийлаштириш натижасида 30,21 трлн сўмлик активлар ва ер участкалари реализатсия қилинди (давлат, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда тижорат банклари активлари – 23,78 трлн сўм ер қаъри ноқишлоқ ер участкалари –5,98 трлн сўм).

Президентимизнинг 2026-йил 28-августдаги ПФ – 177-сон Фармонлари билан 1 410 та давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли активлар ва 8 минг гектар ер участкаларини савдога чиқариш белгилаб берилган.

Фармонда белгиланган активлардан 888 таси 6,89 трлн сўмга оммавий савдоларга чиқарилди, шундан 297 таси 1 590 млрд сўмга реализатсия қилинди, 591 таси (5,3 трлн сўм) ҳозирда савдода.

Ўз навбатида, Фармонга асосан 84 та активлар 1 миллион сўм бошланғич қийматда электрон онлайн ауксион савдоларига чиқарилди ҳамда биринчи савдоларнинг ўзида ҳар бир актив бўйича ўртача 20 нафар талабгор иштирок этиб, 4,5 млрд сўмга сотилган. Активларни сотиб олишда савдо қадамлари сони ўртача 500-мартани ташкил этди.

2026-йилда 37 мингдан ортиқ 6 775 гектар 7,6 трлн сўмлик ноқишлоқ ер участкалари оммавий савдоларга чиқарилди, шундан 15 мингга яқин 3 600 гектари ер участкалари 5,98 трлн сўмга реализатсия қилинди. Ҳозирда 45 мингдан ортиқ 6 083 гектар 4,5 трлн сўмлик ноқишлоқ ер участкалари савдода.

Фармонда бир қанча имтиёзлар белгиланган бўлиб, имтиёзларни қўллаган ҳолда 766 та 9,82 трлн сўмлик активлар такрор савдога чиқарилди.

Энг муҳими, хусусийлаштириш жараёнларига хорижий инвеститсиялар кенг жалб қилинмоқда.

2026-йилнинг ўтган даврида хорижий инвесторларга 5,2 трлн сўмлик давлат активлари реализатсия қилинди. Жумладан:

“Универсал Mobile Systems” МЦҲЖдаги 100 фоиз давлат улуши – 4 212 млрд сўмга “ЖВР Enterprises LLC”га (АҚШ),

“УзЧасйс” МЧЖ ҚКдаги 70 фоиз давлат улуши – 333 млрд сўмга “BEST PIPE AND PARTS” АЖга (Жанубий Корея);

Яшнобод туманида жойлашган Нотурар бино – 206,4 млрд сўмга “БАЛТОН TRADING (ASIA)” МЦҲЖга (Сингапур);

Шайхонтоҳур туманида жойлашган Нотурар бино (Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг собиқ маъмурий биноси) – 196,6 млрд сўмга чет эл иштирокидаги “Ҳамкорбанк” АТБга (Нидерландия);

Андижон шаҳрида жойлашган “Уз-Донг Yang Компани” МЧЖ ҚКдаги 38,5 фоиз давлат улуши – 124,9 млрд сўмга “ҲЕ STEEL GROUP КО” МЧЖ ХКга (Хитой);

Юнусобод туманида жойлашган Нотурар бино (Спорт вазирлигининг собиқ маъмурий биносининг бир қисми) – 101,9 млрд сўмга “Ипак йўли” АИТБга (Германия) реализатсия қилинди.

Ушбу битимлар хусусийлаштиришнинг иқтисодий самараси фақат бюджетга тушум билан ўлчанмаслигини кўрсатади. Уларнинг муҳим натижаси — корхоналарга янги капитал, замонавий технологиялар, халқаро тажриба ва қўшимча инвеститсияларнинг кириб келишидир.

Биз учун хусусийлаштирилган ҳар бир корхонанинг кейинги ривожланиши, ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши, янги иш ўринларининг яратилиши ва бозордаги рақобатбардошлиги мустаҳкамланиши алоҳида аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, инвесторлар учун нафақат жозибадор активларни таклиф этиш, балки уларни харид қилиш ва кейинги ривожлантириш учун қулай молиявий механизмларни яратиш ҳам муҳим ҳисобланади.

Шу мақсадда ПФ–177-сон Фармон билан инвесторларнинг молиявий имкониятларини инобатга олувчи бир қатор янги имтиёз ва тўлов механизмлари жорий этилмоқда.

Биринчидан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини харид қилишда бошланғич тўловни 15 фоиз миқдорида амалга ошириш, қолган суммани эса фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилмоқда.

Иккинчидан, белгиланган қиймат мезонларига мувофиқ келадиган давлат активлари ва ер участкалари қийматини 6 ой ичида тўлиқ тўлаган инвесторларга 25 фоизлик чегирма тақдим этилади.

Учинчидан, давлат активлари ва ер участкаларини харид қилишда инвесторларга мослашувчан тўлов шартлари таклиф этилмоқда. Хусусан, харид қийматининг 50 фоизини 6 ой ичида тўлаш орқали қолган қисмини 7 йилгача, ёки 35 фоизини 3 ой ичида тўлаш орқали қолган қисмини 5 йилгача фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти мавжуд.

Тўртинчидан, давлат активи қийматининг камида 50 фоизи тўланганидан сўнг уни реконструксия қилиш ва модернизатсиялаш ишларини бошлашга рухсат берилади.

Ушбу механизмлар инвесторларнинг дастлабки молиявий юкини камайтириш, инвеститсия лойиҳаларини тезроқ амалга ошириш ва харид қилинган активларнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Бошқача айтганда, биз инвесторларга нафақат активларни харид қилиш, балки уларни қисқа муддатларда иқтисодий айланмага киритиш ва ривожлантириш учун ҳам зарур шароитларни яратмоқдамиз.

Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларида кўчмас мулк объектлари ва ер участкаларидан самарали фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борадаги энг йирик ташаббуслардан бири — Янги Тошкентни барпо этиш лойиҳасидир.

Мазкур лойиҳа доирасида янги шаҳарнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, ижтимоий ва маъмурий объектларни барпо этиш, шунингдек, хусусий инвеститсиялар учун қулай муҳит яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирга қадар Янги Тошкент лойиҳасига 2 миллиард АҚШ долларидан ортиқ инвеститсия киритилди. Йил якунига қадар 20 мингта хонадонни фойдаланишга топшириш режалаштирилган бўлиб, бу камида 70 минг нафар аҳоли учун янги яшаш муҳитини яратиш имконини беради.

Шу билан бирга, қурилиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий қурилиш материалларини харид қилиш учун 200 миллион АҚШ долларлик кредит линияси очилиши кўзда тутилган.

Янги Тошкентнинг иқтисодий ва ишбилармонлик марказига айланишида давлат бошқаруви органларининг босқичма-босқич кўчирилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда Қурилиш, транспорт ва энергетика соҳаларидаги вазирликлар янги шаҳарда фаолият юритмоқда. Бошқа давлат органлари учун ҳам маъмурий бинолар қурилмоқда.

Бу жараённинг муҳим иқтисодий жиҳати шундаки, вазирлик ва идоралар кўчирилгандан сўнг бўшайдиган маъмурий бинолар очиқ электрон ауксионлар орқали хусусий секторга таклиф этилмоқда.

Мазкур йўналишдаги дастлабки натижалардан бири сифатида Давлат активларини бошқариш агентлигининг маъмурий биноси 251,6 миллиард сўмга реализатсия қилинганини қайд этиш мумкин.

Умуман, бугунги кунга қадар Тошкент шаҳрида вазирлик ва идораларга тегишли 8 та маъмурий бино 1 триллион 120,4 миллиард сўмга сотилди.
Бу маблағлар Янги Тошкент шаҳрида замонавий маъмурий инфратузилмани шакллантиришга йўналтирилмоқда.

Айни пайтда, тақдимотда кўриб турганингиздек, инвесторлар эътиборига нафақат Тошкент шаҳрининг марказий ҳудудларида жойлашган истиқболли кўчмас мулк объектлари, балки турли соҳаларда фаолият юритиш учун мўлжалланган тайёр инвеститсиявий лойиҳалар ҳам тақдим этилмоқда.

Хусусан, улар қаторида мамлакатимизнинг туристик жозибадор ҳудудларда жойлашган меҳмонхоналар, замонавий бизнес марказлари, савдо-кўнгилочар мажмуалар, шунингдек, канат йўллари каби инфратузилма объектлари мавжуд.

Мазкур таклифларнинг муҳим жиҳати шундаки, уларнинг аксарияти шаклланган инфратузилмага ва фаолият юритиш учун зарур шароитларга эга бўлган тайёр бизнес активларидир. Бу эса инвесторларга нолдан янги лойиҳа ташкил этишга вақт ва қўшимча ресурслар сарфламасдан, мавжуд бизнесни харид қилиш, уни бошқариш, модернизатсиялаш ва ривожлантириш имконини беради.

Ишончимиз комилки, ушбу активлар меҳмонхона бизнеси, тижорат кўчмас мулки, савдо ва кўнгилочар хизматлар ҳамда туризм инфратузилмаси соҳаларида фаолият юритаётган маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун катта қизиқиш уйғотади.

Барча манфаатдор инвесторларни ушбу объектлар билан яқиндан танишишга, уларнинг инвеститсиявий салоҳиятини баҳолашга ва очиқ савдоларда фаол иштирок этишга таклиф этамиз.

Янги Тошкентда ер участкаларини хусусийлаштириш йўналишида ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Жорий йилда умумий майдони 108,1 гектар бўлган 62 та ер участкаси ауксион савдоларига чиқарилди. Уларнинг бошланғич қиймати 929,9 миллиард сўмни ташкил этди. Шундан 54 та ер участкаси муваффақиятли сотилди. Уларнинг умумий майдони 94,5 гектарни ташкил этиб, бошланғич қиймати 792,7 миллиард сўм бўлган мазкур участкалар жами 1 триллион 355,9 миллиард сўмга реализатсия қилинди.

Бу бошланғич қийматга нисбатан сезиларли ўсиш бўлиб, очиқ ауксион механизмларининг самарадорлиги ва рақобат муҳитининг шаклланганини кўрсатади. Айни пайтда, умумий майдони 13,69 гектар бўлган яна 8 та ер участкаси ауксион савдоларида турибди. Уларнинг таклиф этилаётган умумий қиймати 11,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Ҳурматли иштирокчилар!

Бу, ўз навбатида, халқаро ва маҳаллий инвесторлар учун янги бозорларга кириш, ўз бизнесини кенгайтириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизатсия қилиш ва Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида ўз ўрнини эгаллаш учун кенг имкониятлар яратади.

Бизнинг асосий тамойилимиз — хусусийлаштириш жараёнларида очиқлик, шаффофлик, рақобат ва барча инвесторлар учун тенг шарт-шароитларни таъминлашдир.

Ҳурматли инвесторлар!

Бугунги форум доирасида сизларга иқтисодиётнинг турли тармоқларини қамраб олган кенг кўламли инвеститсия таклифлари портфелини тақдим этмоқдамиз.

Сизларни Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотлари ва хусусийлаштириш жараёнларининг фаол иштирокчиси бўлишга, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳамда ўзаро манфаатли, узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга таклиф этаман.

Ўзбекистон инвесторлар учун очиқ! Биз ҳамкорликка тайёрмиз ва биргаликда янги иқтисодий натижаларга эришишга ишонамиз! Эътиборингиз учун раҳмат!

 

11 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech