Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

07 Октябрь 2025

“Шарғункўмир” АЖнинг очиқ савдо жараёнлари бошланди

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активлари агентлиги “Шарғункўмир” АЖ устав капиталидаги 99,55 фоиз давлат улушини (кейинги ўринларда – Корхона) очиқ савдо жараёнлари бошланганини эълон қилади.

 

Хусусийлаштириш жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида, "Alkes Research" МЧЖ (кейинги ўринларда – Консультант) хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб этилган.

 

Корхона тўғрисида қисқача маълумот:

 

“Шарғункўмир” АЖ — Сурхондарё вилоятидаги шахталарда ер остида кўмир қазиб чиқаришга ихтисослашган, Ўзбекистондаги етакчи тошкўмир ишлаб чиқарувчилардан бири.

  • Сурхондарё вилояти, Шарғун туманида жойлашган
  • Корхонанинг қуввати – йилига 900 минг тонна
  • Амалдаги ишлаб чиқариш (2024) – 900 минг тонна
  • Исботланган заҳиралар:
    • A+B+C1 – 31,5 млн тонна;
    • C2 – 7,1 млн тонна.
  • Кул миқдори 30% гача ва юқори калориялиликка эга CC маркали кўмир
  • Ўз темирйўл инфратузилмасига эга
  • Кўмирни қуруқ бойитиш заводи мавжуд
  • Оффтейк шартномалари таъминланган

 

Савдо жараёни ҳақида:

 

Хусусийлаштириш жараёни маҳаллий ва халқаро иштирокчилар учун очиқ бўлиб, икки босқичда амалга оширилади:

  1. Cотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (EoI);
  2. Мажбуриятга эга бўлган таклифлар тақдим этиш (BO).

 

EoI босқичи талаблари:

 

Талабгорлар қуйидаги маълумотлар билан EoI аризаларини тақдим этишлари керак:

  1. Талабгор ҳақида қисқача маълумот (рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида маълумот, фаолият тури);
  2. Устав капиталида 5% ва ундан ортиқ улушга эга акциядорлар/иштирокчилар ва якуний бенефициарлар тўғрисида маълумот;
  3. Охирги 3 йил учун молиявий ҳисоботлар.

 

EoI аризалари талабгор хоҳишига кўра ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тайёрланиб, 2025 йил 14 ноябр соат 23:59 (Тошкент вақти)га қадар info@alkes.co электрон манзилига юборилиши керак.

 

Саралаш мезонлари:

  • Корхонани сотиб олиш учун молиявий ресурсларининг етарлилиги;
  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • Ўзбекистон Республикасининг 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ҳеч бири давлат компанияси эмаслиги;
  • Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши. Шу билан бирга, ариза топширилган санада талабгорлар санкцияланган шахс(лар) ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти(лари) бўлмаслиги, талабгорлар (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири юқорида айтиб ўтилган муассасалар ва давлатларнинг санкциялар режимига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга (тўғридан-тўғри ёки бирон бир шўба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлишлари ва Талабгор (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири), шунингдек унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги.

 

EoI босқичи якунлангач, навбатдаги босқичга ўтганлар рўйхати шакллантирилади ва Давлат активлари агентлиги томонидан мазкур босқич натижаси бўйича тегишли эълон берилади. Консультант томонидан қизиқиш билдирган барча талабгорларга Жараён хати (Process Letter) орқали жараён натижалари ва кейинги босқич тўғрисида индивидуал равишда хабардор қилинади.

 

Кейинги босқич бўйича қисқа маълумот:

 

Навбатдаги, Мажбуриятга эга бўлган (BO) таклифларни қабул қилиш босқичига ўтган иштирокчилар билан Ахборотни ошкор этмаслик тўғрисидаги битим (NDA) имзоланади ва мажбуриятга эга бўлган тижорат таклифларини тайёрлаш учун виртуал маълумотлар хонасига (VDR) кириш таъминланади ҳамда Консултант томонидан тайёрланган корхонанинг молиявий, солиқ ва юридик фаолияти бўйича комплекс таҳлилий ҳисоботлар (vendor due diligence)ни ўрганиш имкониятига эга бўлади.

 

Шу билан бирга, Мажбуриятга эга таклифлар (BO)ни тақдим этишдан аввал Корхонанинг фаолият соҳасининг ривожланиш стратегиясини инобатга олган ҳолда хусусийлаштирилиш ва келгуси фаолиятига қўйиладиган талабларга оид Савдонинг асосий шартлари бўйича Битим (Term Sheet) имзоланиши талаб этилади ҳамда иштирокчилар томонидан “E-auksion” электрон савдо платформасида очиладиган шахсий кабинетлари орқали Мажбуриятга эга бўлган таклифларининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов (закалат) сифатида ўтказиш талаб этилади. Бунда, мазкур кафолат тўлови (закалат) жараён якунида иштирокчиларга қайтарилади, хусусийлаштириш жараёни ғолиби бўлган талабгорнинг кафолат тўлови (закалати) – сотиб олиш тўловининг бир қисми сифатида Хусусийлаштириш жамғармасига ўтказилади.

 

Ушбу эълон чоп этилгандан сўнг Консультант Корхонани тарғиб қилиш, инвестиция тизерларини тарқатиш ва инвесторлар билан фаол мулоқотга киришиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади.

 

Давлат активлари агентлиги Консультант билан ҳамкорликда савдонинг ҳар бир босқичи тўғрисида жамоатчиликка ахборот бериб, иштирокчиларни хабардор қилиб борилишини таъминлайди.

 

Алоқа учун:

  • Одил Мусаев, ALKES – omusaev@alkes.co, тел.: +998(99) 928-88-29
  • Илёсбек Абдужамбулов, Давлат активлари агентлиги – i.abdujambulov@davaktiv.uz,
    тел.: +998(71) 259-21-50

 

Дисклеймер:

Давлат активлари агентлиги сотиш жараёнининг кетма-кетлигини ўзгартириш ёки потенциал харидорга (харидорларга) сотишни ёки сабабларини тушунтирмасдан исталган вақтда улар билан музокара олиб боришни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Ушбу эълон ёки унинг мазмунининг бирон-бир қисми мазкур эълон чоп этилишидан келиб чиқиб тахмин қилиниши мумкин бўлган Давлат активлари агентлигининг Корхонани сотиш билан боғлиқ бирор-бир шаклдаги мажбурияти сифатида талқин қилинмаслиги керак. Давлат активлари агентлиги ўз хоҳишига кўра ҳар қандай вақтда ва ҳар қандай муносабатда, биргаликдаги ёки шахсий жавобгарликни ўз зиммаларига олмасдан:

(i) савдо жараёнининг босқичлари муддати ва тартибини ўзгартириш;

(ii) турли хил манфаатдор томонлар учун турли хил тартиб-қоидалар бўйича иш тутиш ва/ёки Давлат активлари агентлиги томонидан кўзда тутилган режа-жадвал ва тартиб доирасида исталган бошқа потенциал харидорни (харидорларни) олдиндан огоҳлантирмасдан чиқариб ташлаган ҳолда бир ёки бир нечта потенциал харидорлар билан музокаралар олиб бориш;

(iii) аниқ сабабга кўра сотиш жараёнини тўхтатиш;

(iv) ва/ёки исталган вақтда ва сабабларни тушунтирмасдан Савдога тааллуқли бўлган ҳар қандай потенциал харидор (харидорлар) билан ҳар қандай муҳокама ва музокараларни олиб бориш/тугатиш ҳуқуқларини ўзида сақлаб қолади.

52 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech