Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

20 Октябрь 2026

ДАВЛАТ АКТИВЛАРИ АГЕНТЛИГИ ВА NASDAQ КАПИТАЛ БОЗОРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ҲАМДА КОРПОРАТИВ БОШҚАРУВНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ СОҲАЛАРИДА ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРИШГА КЕЛИШИБ ОЛДИ

Америка–Ўзбекистон бизнес-форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат активлари агентлиги директори Соҳибжон Муродовнинг Nasdaq, Inc. (халқаро биржа) директорлар кенгаши раисининг ижрочи ўринбосари Эдвард C. Ҳайтон билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар капитал бозорини ривожлантириш, хусусийлаштириш механизмларини такомиллаштириш ва корпоратив бошқарувнинг замонавий стандартларини жорий этиш соҳаларида халқаро тажриба ва илғор амалиётлар алмашинувини йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Учрашувда компанияларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, халқаро капитални жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш ва самарали корпоратив бошқарув муҳитини шакллантириш масалаларида Nasdaq тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Ўзбекистонда давлат корхоналарини трансформация қилиш жараёнида халқаро ёндашувларни қўллаш ва уларнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Эришилган келишувлар Давлат активлари агентлиги ва Nasdaq ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, замонавий корпоратив бошқарув ва миллий капитал бозорини такомиллаштириш масалалари бўйича тажриба ва экспертлик билимлари алмашинуви учун асос яратади.

Маълумот учун: Nasdaq — капитал бозори иштирокчилари учун инфратузилмавий, технологик ва консалтинг хизматларини тақдим этувчи, шунингдек, корпоратив бошқарувни ривожлантириш ва компаниялар фаолияти шаффофлигини оширишга кўмаклашувчи йирик халқаро биржа гуруҳларидан бири.

1 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech