2026-йил 27-ноябрь куни Тошкент халқаро бизнес-марказида Давлат активлари агентлиги томонидан ташкил этилаётган Ўзбекистоннинг инвестиция имкониятларини намойиш этувчи анъанавий Roadshow бўлиб ўтади. Ушбу йирик тадбир олти йилдан буён муваффақиятли ўтказиб келинаётган ҳудудий тадбирларнинг якуний босқичи ҳисобланади.
Форумда Давлат активлари агентлиги директори Соҳибжон Муродов, халқаро молия институтлари, Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари вакиллари, шунингдек, маҳаллий ва халқаро тадбиркорлар ҳамда инвесторлар иштирок этади.
Roadshowни ўтказиш ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш ва мамлакатга инвестицияларни жалб қилишда муҳим стратегик аҳамиятга эга. Тадбир иштирокчиларга истиқболли объектлар ҳақида долзарб маълумотларни олиш, B2G ва B2B учрашувлари форматида давлат идоралари вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ҳамда мол-мулкни сотиб олишнинг янги воситалари билан танишиш учун имконият яратади. Бундай ташаббуслар хусусийлаштириш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, фойдаланилмаётган объектларни иқтисодий айланмага киритиш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай ва очиқ шарт-шароитларни яратишда муҳим ўрин тутади.
Roadshow давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28-августдаги ПФ-177-сон Фармонига алоҳида эътибор қаратилади. Мазкур Фармон билан 2026–2027-йилларга мўлжалланган янги хусусийлаштириш дастури тасдиқланган. Иштирокчиларга давлат мулкини хусусийлаштириш ва ижарага бериш соҳасида ушбу ҳужжатда назарда тутилган замонавий имтиёзлар ва механизмлар, жумладан, соддалаштирилган харид тартиби, хусусий капитал учун кенгайтирилган имтиёзлар ва инвесторлар учун янги кафолатлар батафсил тушунтирилади. Бундан ташқари, иштирокчилар бизнес-ташаббусларни амалга ошириш учун савдога қўйиладиган янги активлар, ер участкалари ва талаб юқори бўлган кўчмас мулк объектлари билан батафсил танишиш имкониятига эга бўладилар. Тадбир расмий қисми якунида инвесторлар ва бизнес вакиллари билан якка тартибдаги музокаралар бўлиб ўтади.
Roadshow тадбиркорлик субъектларини савдога қўйилган объектлар, хусусийлаштиришнинг амалдаги механизмлари ва давлат мулкини сотиб олишнинг мавжуд воситалари ҳақида хабардорлигини оширишга қаратилган. Буларнинг барчаси инвесторлар доирасини кенгайтириш ҳамда барқарор иқтисодий ўсиш учун давлат салоҳиятидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Маълумот учун:
Ўзбекистон Республикаси Давлат активлари агентлиги давлат мулкини бошқариш, хусусийлаштириш ва ундан самарали фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, шунингдек, хўжалик жамиятларида давлат акциядори sifatида унинг манфаатларини ифодаловчи давлат органи ҳисобланади. Ҳар йилги Roadshow доирасида агентлик тадбиркорлар ва инвесторларга мамлакатимиз ҳудудлари ва пойтахтда хусусийлаштириладиган давлат активлари, корхоналарнинг акциялар пакетлари, кўчмас мулк объектлари ва ер участкалари ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этиб, бизнесни ривожлантириш ва истиқболли лойиҳаларни бошлаш учун кенг имкониятларни намойиш этади.
Давлат активлари агентлиги
Матбуот хизмати

