Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

06 Ноябрь 2026

ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ДАВЛАТ ЕР РЕСУРСЛАРИНИ БОШҚАРИШДАГИ ГЕРМАНИЯ ТАЖРИБАСИНИ ЎРГАНМОҚДА

Ўзбекистон делегацияси Германия Федератив Республикасига амалий ташрифи доирасида давлат мулкидаги қишлоқ хўжалиги ва ўрмон ерларини бошқариш, шунингдек, уларни ижарага бериш ҳамда хусусийлаштиришга ихтисослашган BVVG (Bodenverwertungs- und -verwaltungs GmbH) давлат компанияси фаолияти билан танишди.

Учрашув давомида Ўзбекистон делегацияси вакиллари компаниянинг ташкилий тузилмаси, фаолиятининг асосий йўналишлари, ер ресурсларини бошқариш бўйича стратегик ёндошувлар ҳамда Германия Федерал кўчмас мулк агентлиги (BImA) ва бошқа давлат муассасалари билан ҳамкорлик қилиш механизмларини ўргандилар.

Германиянинг қишлоқ хўжалиги ва ўрмон ерларини бошқариш, жумладан, ерларни хатловдан ўтказиш (инвентаризация), уларнинг иқтисодий салоҳиятини баҳолаш, ижарага бериш, очиқ савдоларни ўтказиш ва шартномавий муносабатларни кузатиб бориш тажрибасига алоҳида эътибор қаратилди.

Германия ёндашувининг муҳим хусусияти шундаки, хусусийлаштириш ўз-ўзидан мақсад эмас, балки ер ресурсларини самарали бошқариш воситаларидан бири сифатида кўрилади. Бунда ердан оқилона фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш, мулкдорлар сафини кенгайтириш ва ер активларидан узоқ муддатли иқтисодий даромадни таъминлаш йўлида шароит яратиш устувор вазифа бўлиб қолади.

Ўзбекистон томонида, шунингдек, ер участкаларини баҳолаш, улардан кейинчалик фойдаланиш истиқболларини аниқлаш ва давлат ер ресурсларини тасарруф этишнинг энг самарали шаклларини танлаш механизмлари катта қизиқиш уйғотди.

Ер активларини бошқаришнинг рақамли воситаларини, жумладан, VESTA тизимини ўрганиш алоҳида йўналиш бўлди. Делегация вакиллари ушбу тизимнинг имкониятлари ва уни Германия компанияси фаолиятида қўллаш амалиёти билан батафсилроқ танишишга истак билдирдилар.

Бундан ташқари, BVVG, BImA ва Германиянинг бошқа федерал тузилмалари ўртасида ваколатларни тақсимлаш амалиёти кўриб чиқилди. Хусусан, давлат ер активларини бошқариш соҳасида қарорлар қабул қилишнинг изчиллигини таъминловчи идоралараро ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш механизмлари муҳокама қилинди.

Германия тажрибасини ўрганиш Ўзбекистон учун давлат ер ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш борасида амалий аҳамиятга эга. Ерларни хатловдан ўтказиш ва баҳолаш, ижара ҳамда реализация қилиш механизмларини ривожлантириш, бошқариш жараёнларини рақамлаштириш ва ер активларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича ёндошувлар алоҳида аҳамият касб этади.

Олинган билимлар ва кўриб чиқилган амалиётлар Ўзбекистоннинг иқтисодий устуворликлари ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда давлат ер ресурсларини бошқариш миллий тизимини яна-да такомиллаштириш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

4 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech