Жорий йил 27 август куни Давлат активларини бошқариш агентлигида Жамоатчилик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Жамоатчилик кенгаши раиси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов, Давлат активлари агентлиги раҳбарлари, масъул ходимлар ҳамда ҳудудий ва таркибий бўлинмалар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда рақамлаштириш жараёнлари, шаффофликни таъминлаш масалалари, давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Муҳтарам Президентимиз Ш.М. Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар доирасида давлат иштирокини қисқартириш бўйича амалий ишлар таъкидланди. Бунда, ушбу ислоҳотларни амалга оширишда ҳуқуқий база мустаҳкамланди, яъни “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида” ва “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилиниши мамлакатимизда тарихий қадам сифатида қайд этилди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш, давлат улушига эга корхоналар сонини олти бараварга қисқартириш вазифаси белгиланган. Бу йўналишда сўнгги тўрт йилда 47 триллион сўмлик давлат активлари хусусийлаштирилди. Бу кўрсаткич аввалги ўн йилликдан қарийб 30 баробар юқори. Шу билан бирга, жорий йилги хусусийлаштириш ҳажмини 30 триллион сўмга етказиш ва давлат бюджетига 10 триллион сўм тушум таъминлаш режалаштирилмоқда.

Йиғилишда Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг аҳамияти ҳам алоҳида таъкидланди. Бобур Бекмуродовнинг фикрича, Кенгаш Давлат активлари агентлиги ва жамият ўртасида самарали мулоқотни таъминлайдиган “кўприк” вазифасини бажаради.
Соҳадаги рақамлаштириш ва шаффофликни таъминлаш
Давлат активлари агентлиги томонидан соҳани рақамлаштириш ва шаффофлик йўналишида амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берилди. 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижаларига кўра, рақамли трансформация бўйича 91 та давлат ташкилоти орасида Давлат активлари агентлиги 95,5 балл билан 2-ўринни эгаллади.

Бу йўналишда, “Yerxususiylashtirish” автоматлаштирилган ахборот тизими амалиётга жорий қилинганлиги алоҳида таъкидланди. Бу тизим орқали фуқаролар ва ташкилотлар ўз ноқишлоқ ер участкаларини масофадан туриб хусусийлаштириб олиши учун my.gov.uz ёки Давлат хизматлари марказлари орқали аризани топшириш ҳамда барча ҳужжатларни QR код билан онлайн олиши мумкин. Жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилган ва инсон омили чекланган.
Хусусийлаштириш натижалари
Давлат мулкини хусусийлаштириш борасидаги асосий натижалари ва кўрсаткичлари алоҳида таъкидланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида:
- Савдога чиқарилган активлар: 25,9 трлн сўм;
- Хусусийлаштириш ҳажми: 19,3 трлн сўм;
- Жорий кунга қадар тушум: 6 трлн сўм;
- Давом этаётган савдолар: 3 491 та актив, бошланғич қиймати 13,5 трлн сўм;
- Тадбиркорлик субъектларига 171,3 млрд сўм имтиёзлар берилди.

Йиғилиш якунида кенгаш аъзолари келгусидаги устувор йўналишлар ва иш режаси лойиҳасини муҳокама қилиб, Жамоатчилик кенгаши саволларига жавоблар берилди.
Жамоатчилик кенгаши Давлат активлари агентлиги тизимида амалга оширилаётган чораларни ижобий баҳолаб, ўз фаолияти доирасида Агентликда очиқлик ва шаффофлик ҳамда ҳисобдорликни таъминлашга амалий ёрдам кўрсатилиши таъкидланди.

