Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

06 Октябрь 2026

Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди: якунлар, янги механизмлар ва навбатдаги вазифалар

Давлат активларини бошқариш агентлигида Жамоатчилик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Агентликнинг 2026 йил 9 ойлик фаолияти якунлари, хусусийлаштиришнинг янги механизмлари, «E-auksion» електрон савдо платформасини ривожлантириш, шунингдек, Жамоатчилик кенгашининг келгусидаги фаолиятига оид масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишни очиб берган Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов давлат активларини бошқариш ва хусусийлаштириш соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ҳамда жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқотни таъминлашда Жамоатчилик кенгашининг муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Йиғилиш давомида Жамоатчилик кенгашига Агентликнинг 2026 йил 9 ойлик фаолияти натижалари тўғрисида маълумот берилди. Хусусан, хусусийлаштириш ҳажми 26 трлн сўмни ташкил этгани, умумий қиймати 53,2 трлн сўмлик активлар ва ер участкалари савдога чиқарилгани қайд этилди.

Жамоатчилик кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 28 августдаги ПФ-177-сон Фармонида назарда тутилган янги механизмларга алоҳида эътибор қаратилди. Янги ёндашувлар доирасида тадбиркорлар учун 15 фоиз миқдорида аванс тўловини амалга ошириш, қолган суммани фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш, шунингдек, белгиланган шартлар асосида 25 фоизгача чегирмага эга бўлиш имкониятлари назарда тутилган.

Жамоатчилик кенгаши аъзолари «E-auksion» електрон савдо платформаси фаолияти натижалари билан ҳам танишдилар. Қайд этилишича, 2026 йил январь–сентябрь ойларида 116 784 та объект савдога чиқарилган бўлиб, шундан 52 256 таси реализация қилинган. Савдоларда иштирок этган фойдаланувчилар сони 3 миллион нафардан ошган.

Шунингдек, платформадаги рақамли янгиликлар — лотларни таҳлил қилишда сунъий интеллектдан фойдаланиш, объектларни харитада кўриш, таклифларни таққослаш ва ўхшаш лотларни излаш имкониятлари тақдим этилди. «E-auksion» платформасининг янгиланган веб-версияси ва мобил иловасини ишга тушириш бўйича режалар ҳам маълум қилинди.

Йиғилишнинг асосий масалаларидан бири Жамоатчилик кенгашининг янги раисини сайлаш бўлди. Муҳокамалар якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси Одилжон Тожиев Жамоатчилик кенгаши раиси этиб сайланди.

Аввал Жамоатчилик кенгашига Бобур Бекмуродов раҳбарлик қилган. Раисни алмаштириш тўғрисидаги қарор Жамоатчилик кенгаши фаолиятини баҳолашнинг холислиги ва мустақиллигини таъминлаш зарурати билан боғлиқ ҳолда қабул қилинди. Хусусан, Бобур Бекмуродов ҳар йили жамоатчилик кенгашлари фаолиятини баҳолаб, уларнинг рейтингини шакллантирадиган «Юксалиш» ҳаракати вакили ҳисобланади. Шу муносабат билан манфаатлар тўқнашуви эҳтимолини бартараф этиш мақсадида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини баҳоловчи ташкилот билан боғлиқ шахс баҳоланаётган кенгашлардан бирига бир вақтнинг ўзида раислик қилмаслиги лозимлиги инобатга олинди. Шу билан бирга, депутат Давлат активларини бошқариш агентлиги Жамоатчилик кенгаши таркибида қолади.

Шундай қилиб, янги раиснинг сайланиши Кенгаш фаолиятини баҳолашда холислик, шаффофлик ва мустақиллик тамойилларини таъминлашга қаратилган.

Йиғилиш якунида Жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги

Ахборот хизмати

3 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech