Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигида АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Жонатан Хеник билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, АҚШ ишбилармон доираларининг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларида иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлаб, мамлакатда хорижий инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ҳамда хусусийлаштириш жараёнларининг очиқлиги ҳақида маълумот берди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда хусусийлаштирилиши режалаштирилган давлат активларини АҚШнинг ишбилармон доиралари ва салоҳиятли инвесторларига кенг тарғиб қилиш, мазкур активларга хорижий инвесторларнинг қизиқишини ошириш ҳамда инвестиция лойиҳаларига АҚШ компанияларини жалб этиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Хусусан, йирик ва стратегик давлат активлари бўйича тайёрланган инвестиция материалларини АҚШнинг етакчи компаниялари, тармоқ ассоциациялари ва саноат гуруҳларига мақсадли равишда етказиш, шунингдек, янги хусусийлаштириш дастурини АҚШ бизнес доиралари учун тақдим этишга қаратилган инвестициявий “Road Show” тадбирини ташкил этиш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, давлат мулки объектларини самарали бошқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини такомиллаштириш бўйича илғор халқаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича АҚШ ишбилармон доиралари ва инвесторларининг Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларида иштирокини кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Давлат активлари Агентлиги
Матбуот хизмати

